Грециянинг Афина шаҳрида енгил атлетика бўйича "Filothei Women Gala-2016" халқаро мусобақаси ўз якунига етди. Қувонарлиси, унда иштирок этган икки нафар ўзбекистонлик спортчи шоҳсупага кўтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, баландликка сакраш секторида Светлана Радзивил 1,95 метр натижа қайд этди. Унинг бу натижасини такрорлаш турнирда иштирок этган бирор спортчига насиб этмади. 

Мазкур мусобақада кумуш медаль билан тақдирланган яна бир ўзбекистонлик спортчи Надия Дусанова эса 1,93 метр баландликни забт этди. 

Эслатиб ўтамиз, ҳар икки спортчи учун "Рио-2016" ўйинлари фаолиятларидаги учинчи Олимпиада ўйинлари ҳисобланади. Бунга қадар улар 2008 йили Пекин (Хитой) ва 2012 йили Лондон (Буюк Британия)да бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишган.