Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти раҳбарияти 5 июнь кунги теракт туфайли қурбон бўлганларнинг оилаларига кўрсатиладиган моддий ёрдам миқдори оширилиши бўйича қарор қабул қилди.

5 июнь куни радикал оқим аъзолари Ақтўбедаги иккита қурол-аслаҳа дўконига ва ҳарбий қисмга ҳужум қилиб, 7 кишини ўлдиришди. Отишмалар вақтида жами 37 киши турли даражада жароҳат олган. Жангариларнинг 13 нафари аксилтеррор амалиётлар натижасида йўқ қилинган, яна 9 киши қўлга олинган. Айни вақтда 6 кишини қидириш ишлари давом этмоқда.

"Қурбонларнинг оилаларига 5 миллион тенгедан (15 минг доллар) ажратилади", дейилган Ақтўбе вилояти маъмурияти хабарида.

Бундан олдинроқ, вилоят маъмурияти қурбонларнинг оилалари учун 1 миллион тенгедан (3 минг доллар) 1 марталик нафақа тайинланиниши маълум қилганди.

Қурбонлар орасидаги 44 ёшли Андрей Максименко ("Паллада" номли қурол-аслаҳа дўкони сотувчиси), 69 ёшли нафақахўр Николай Онишенко ва 35 ёшли Михаил Матросов ҳужум вақтида жиноятчиларнинг тасодифий қурбонлари бўлган. 33 ёшли Мерхон Тожибоев, "Кузет" қўриқлаш хизмати ходими ўз вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган. Яна 3 нафар ҳарбий ҳарбий қисмга уюштирилган ҳужум вақтида отишма вақтида ҳалок бўлган.

9 июнь куни теракт туфайли мамлакатда мотам куни эълон қилинди. Мотам муносабати билан давлат муассасаларида байроқлар туширилган, телевидение ва радиоларда рекламалар тўхтатилган ва кўнгилочар дастурлар бекор қилинган.