БААнинг Jannarelly компанияси ўзининг биринчи модели – Design-1 номли спорт спайдерининг биринчи оммавий намойишини ўтказди. Автомобиль тасвири ва у ҳақидаги маълумот ўтган йили чоп этилганди, ҳозирда эса ишлаб чиқарувчи автомобилни серияли тарзда ишлаб чиқариш режаларини маълум қилди. 

Янги марка автомобиль дизайнери Энтони Жаннарелли ҳамда яхталар қуриш бўйича шахсий фирмага эга ва композит материаллар бўйича мутахассис ҳисобланувчи француз Фредерик Жюйо билан биргаликда яратилган. Жаннарелли биринчи араб суперкари яратилишида иштирок этган ҳамда БААнинг Zarooq Sand Racer пойга йўлтанламаси ташқи кўриниши устида ишлаган.

Машинанинг габарит узунлиги 3860 мм, эни 1840 мм, баландлиги 1080 мм ни ташкил қилади, ғилдирак базаси ўлчами 2425 мм га етади. Спорткар негизида пўлат ва алюминийдан яратилган рама ётади, унда карбон ва шиша толадан тайёрланган кузов панеллари ётади. 

Орқа приводли Design-1 машинаси 6 цилиндрли Nissan атмосферали двигатели ва 6 поғонали механик узатмалар қутиси билан таъминланади. Мижоз истагига кўра, компанияда модел учун двигателнинг бошқа варианти кўриб чиқилиши мумкин. Спорткар базавий 304 от кучига эга двигатель билан 100 км/соатга 4 сонияда эришади, максимал тезлиги 220 км/соатни ташкил қилади.

Аввалроқ серияли спорткарнинг биринчи нусхалари махсус модификацияда чиқиши маълум қилинганди. У карбонли аэродинамик обвес, хром билан безалган кузов элементлари, кичик ўлчамдаги шамолга қарши ойна, чарм салон ва автоматик ўт ўчириш тизими олади. Ҳаммаси бўлиб бундай машинадан 30 та чиқариш режалаштирилган. 

Айни вақтда Jannarelly 20 та автомобилга аввалдан буюртма олди ва 80 нафар потенциал мижозлар билан музокаралар олиб бормоқда. Машинанинг нархи 55 минг долларни ташкил қилади. Биринчи мижозлар ўз машиналарини ёз охирида оладилар. 

Кейинроқ марка ўз моделини Европа ва Шимолий Америкада ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Ҳозирча фирма "Лотус"ларни сотувчи Marcassus Sport француз дилери билан келишувга эришган.