Royal Dutch Shell июль ойида Эроннинг 1 млн баррель нефтини Европага етказади. У Франциянинг Total компаниясидан сўнг Эрон нефтини харид қила бошлаган иккинчи йирик компания бўлади, деб хабар қилмоқда Bloomberg агентлиги.

Нефтни Европага етказиш учун ёлланган Delta Hellas танкери 1 июль куни юкланади, деб хабар қилган агентлик манбаси. Бироқ Shell компанияси бу ахборотни изоҳлаганича йўқ. 

Total компанияси 2016 йил февралидан Эрон нефтини сотиб ола бошлаган эди. 

Аввалроқ Эрон миллий нефть компанияси халқаро алоқалар бўйича ижрочи директори Муҳсин Ғамсарий, Европага нефть етказиб бериш бўйича шартномалар ҳақида сўз юритиб, Total билан имзоланган битимдан ташқари Грециянинг Hellenic Petroleum, "Лукойл" ва Испаниянинг Cepsa компаниялари билан ҳам келишувлар мавжудлигини билдирганди. 

Shell компанияси эса, Эронга нисбатан санкциялардан аввал харид қилган, аммо санкциялар туфайли тўлай олмаган қарзини ёпганидан сўнг, Эрон нефтини қайта импорт қилишни йўлга қўйиши мумкинлиги хабар қилинган эди. 
Компания март ойида 2,1 млрд долларлик қарзнинг 1,9 миллиардини қоплаган.