Ироқ ғарбидаги Ал-Фалужа шаҳрида 90 мингга яқин киши қолаётган бўлиши мумкин, деб хабар қилган БМТнинг Ироққа гуманитар ёрдам бериш бўйича координатори Лиз Гранд Reuters агентлигига. Бу шаҳарда Ироқ ҳарбий кучлари аксилтеррор амалиётни тобора кучайтирмоқда.

"Биз Анбар провинциясининг Ал-Фалужа шаҳрида истиқомат қилаётган тинч аҳоли вакиллари сонини нотўғри баҳолаган эканмиз", - деган Гранд. - "У ердан қочиб келаётганларнинг сўзларига кўра, гап 80 - 90 минг киши ҳақида бораётганини тахмин қиляпмиз". 

Бундан аввал, шаҳарда 50 минг нафар тинч аҳоли вакили борлиги тахмин қилинган эди. 

Гранднинг сўзларига кўра, қуршовга олинган шаҳарни 20 мингга яқин инсон тарк этишга улгурган. У, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, БМТнинг Ироқ фуқаролари ички кўчиши ва қочқинларига ёрдам бериш дастурини кўпроқ молиялаштиришга чақирган. У халқаро коалиция йирик миқдорда тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлиши мумкинлигини билгани ҳолда, ҳарбий амалиётларга пул сарфлаётганидан таажжубда эканини билдирган. 

Гранднинг айтишича, БМТнинг ироқликларга ёрдам бериш бўйича 860 млн долларлик дастури атиги 30 фоизга молиялаштирилган. 

Ироқ армиясининг Анбар провинциясидаги иккинчи йирик шаҳарни озод этиш бўйича ҳарбий амалиёти ўтган ҳафта бошларида эълон қилинган эди. Ҳарбийларнинг қуруқликдаги ҳужумини Ироқ ҲҲК ва халқаро коалиция самолётлари ҳаводан қўллаб-қувватламоқда. Ал-Фалужанинг кўплаб мавзеларида қақшатгич жанглар давом этяпти.