7 июль Бош котиб бўлиши ниятини билдирган Словакия ва Аргентина ташқи ишлар вазирлари Мирослав Лайчак ва Сусана Малькорранинг чиқиши бўлди. Апрель ойи ўрталарида бошқа номзодлар чиқиш қилган эди. Шу тариқа 11 нафар номзоднинг ҳар бири БМТ қароргоҳида бўлиб ўтган эшитувларда иштирок этар экан, халқаро ҳамжамият олдида турган асосий муаммолар масаласида ўз фикрларини билдирдилар. Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясининг Раиси Могенс Люккетофт баёнот берди.

Могенс Люккетофтнинг айтишича, илк бор номзодларни танлаш шаффофлик асосида ўтказилди. Ҳар бир номзодга ўз фикрини баён этиш ва саволларга жавоб бериш учун икки соат вақт берилди. Даъвогарлар замонавий таҳдид ва чақириқларга, жумладан, террор таҳдидлари, турли низолар, глобал иқлим ўзгариши, муҳожирлар билан боғлиқ инқироз ва ядровий қуролсизланишга нисбатан ўз қарашларини билдиришлари керак бўлди.

Эндиликда номзодлар Хавфсизлик Кенгашида муҳокама қилинади. Бош Ассамблея раиси Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига номзодларнинг чиқишларидан олган таассуротлар ҳақида маълум қилади. Могенс Люккетофтнинг сўзларига қараганда, айни дамда БМТга муҳим вазифаларни бажаришга қодир кучли бош котиб керак. У жаҳондаги тинчлик ва хавфсизликка бўлаётган таҳдидларга жавоб қайтарувчи кучли ва мард бўлиши керак.

Пан Ги Мунинг ваколатлари шу йилнинг 31 декабрь куни тугаши сабаб, янги бош котиб келаси йилнинг 1 январь куни ўз вазифаларига киришиши керак. Айни дамда Словакия ташқи ишлар вазири Мирослав Лайчак, Аргентина ташқи ишлар вазири Сусана Малькорра, Сербия собиқ ташқи ишлар вазири Вук Еремич, БМТнинг Тараққиёт дастури маъмури янги зеландиялик Хелен Кларк, Македония собиқ ташқи ишлар вазири Срджан Керим, Черногория ташқи сиёсат маҳкамасининг раҳбари Игор Лукшич, ЮНЕСКО бош директори Ирина Бокова, Португалия собиқ бош вазири Антониу Гутерриш, Словения собиқ президенти Данило Тюрк, шунингдек, Молдова ва Хорватия собиқ ташқи ишлар вазирлари Наталья Герман ва Весна Пусич БМТ бош котиблиги учун бўлиб ўтадиган курашда иштирок этиш ниятини билдирган. Номзодлар халқаро муносабатларда тажрибаси бой, ташкилотчилик қобилиятларига эга бўлиши, одамлар билан тезда тил топиб кетишлари керак. Таҳлилчиларнинг фикрича, БМТ ташкил этилгандан бери ўтган давр мабойнида Бош котибларнинг вазифаларида жиддий ўзгаришлар юз берган. Илк йилларда Бош котиб маъмурият раҳбари сифатида кўрилган бўлса, кейинчалик улар халқаро масалаларни муҳокама қилишда воситачи вазифасини бажаришга киришдилар. Сўнг эса мустақил сиёсий арбоб даражасига кўтарилдилар. Ҳақиқатан ҳам БМТ Низомида Бош котиб “Маъмурият раҳбари” сифатида талқин қилинади. Бош котиб халқаро тинчлик ва хавфсизлика тахдид солувчи барча масалалар бўйича Хавфсизлик Кенгашига маълумот бериб туриши керак.

Минтақалар бўйича ротация қоидаларига кўра, бу лавозимга Шарқий Европа вакили сайланиши керак. Янги бош котиб, Шарқий Европа мамлакатларининг вакили бўлишидан ташқари, аёл киши бўлса, нур устига аъло нур бўлиши таъкидланди.

Маълумки, БМТга асос солинган 1945 йилдан бери ўтган 70 йил давомида бош котиб лавозимини фақат эркаклар эгаллаб келди. Анъанага кўра, БМТ бош котиблари навбатма-навбат дунёнинг турли минтақалари вакиллари орасидан танлаб олинади. Шу кунгача бўлган муддатда бош котиблар фаолияти таҳлил қилинадиган бўлса, у ҳолда Ғарбий Европа вакили олти муддат, Африка вакили учта муддат, Осиё вакили тўрт муддат ва Лотин Америкаси вакили икки муддатдан БМТ Бош котиблигига сайланганликлари ойдинлашади. БМТдаги Минтақавий гуруҳлар қуйидагилардан – Ғарбий Европа ва бошқа мамлакатлар гуруҳи, Шарқий Европа гуруҳи, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси гуруҳи, Осиё гуруҳи ва Африка гуруҳидан иборат.

Болгария вакили бўлмиш ЮНЕСКО ижрочи директори Ирина Бокова асосий номзодлардан бири сифатида кўриларди. Чунки Пан Ги Мун ўзининг меросхўри аёл киши бўлиши лозимлигини бир неча бор таъкидлаган эди.

Қоидага кўра, Бош котиб номзоди Хавфсизлик кенгаши томонидан тасдиқланади. Шундан сўнг Бош Ассамблеяга юборилади. Бош Ассамблеяда 193 та мамлакатнинг учдан бир қисми томонидан қўллаб-қувватланиши зарур.

1965 йилда янги давлатлар пайдо бўлиши билан Хавфсизлик Кенгаши аъзолари сони 11тадан 15тагача кўпайтирилди. Аммо Доимий аъзолар сони ўзгармай қолаверди. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида социалистик лагерь таназзулга учраганидан сўнг БМТга аъзо бўлган мамлакатлар яна кўпайди.

Айни дамда янада самарали ишлаши йўлида БМТ, жумладан, Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш юзасидан фикрлар билдирилмоқда. Асосий мақсад глобал таҳдид ва чақириқларга ўз вақтида жавоб беришга қаратилган. Шу билан бирга ҳар қандай ислоҳотлар Хавфсизлик Кенгашини самарасиз органга айлантирмаслик лозимлиги айтилади. Айни дамда вето ҳуқуқи билан боғлиқ масала кенг муҳокама қилинмоқда. Ҳозирги кунга келиб БМТ дунёдаги энг йирик халқаро ташкилотга айланди. БМТ тузилганида унинг сафида 51та мамлакат бўлган бўлса, айни дамда, жаҳоннинг 193та давлатини бирлаштириб, 70 йиллик тарихи давомида қатор халқаро муаммоларни ҳал этишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Шарофидин Тўлаганов