ЕИ ва Туркия 17-18 мартдаги саммитда эришилган келишувга кўра, 449 нафар қочқинни "бирга-бир" тартибида алмашган. Бу ҳақда Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Еврокомиссия расмий вакили Мина Андреева маълум қилган.

"449 нафар муҳожир Грециядан Туркияга топширилган. Шунча нафар суриялик муҳожир Туркиядан ЕИга ўтган", - деб айтган Андреева. 

Расмий Брюссель ва Анкара ўртасида март ойида эришилган битимга кўра, ЕИ Туркияга ноқонуний муҳожирларни қайтариш эвазига суриялик қочқинларни қабул қилади. ЕИ етакчиларининг фикрича, бу муҳожирларни ноқонуний ташиш билан шуғулланувчи гуруҳлар фаолиятига чек қўйиши керак. Улар Эгей денгизи орқали одамларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, муҳожирларни ташиш билан шуғулланишмоқда. 

Сиёсатчиларнинг айтишича, муҳожирлар ҳам шу билан Европага ноқонуний йўллар билан кириб олишга бўлган қизиқишини йўқотади ҳамда Туркия ҳудудининг ўзида Европа бошпанасини олиш имкониятидан фойдаланишади.