Швейцариялик теннисчи Рожер Федерер россиялик теннисчи Мария Шарапованинг мельдоний истеъмол қилгани учун 2 йилга дисквалификация қилинганига изоҳ бериб, допингга нисбатан умуман тоқат қилмаслик сиёсатига амал қилишини таъкидлаб ўтди.  

"Шарапова исталган одам каби ўзини ҳимоя қилишга ҳақли. Бироқ мен тоқат қилмаслик сиёсатига амал қиламан. Нима қабул қилаётганингга тўлиқ ишончинг бўлиши ва унинг оқибатларини билишинг керак. Акс ҳолда жазога тортилишинг лозим. 10, 15 ёки 20 йиллик қон таҳлиллари намуналарини қоидабузарларни назорат қилиш учун сақлаб қўйиш керак", деб айтди Федерер.

Март ойи бошида Шарапова матбуот-анжуманида унинг Australian Open мусобақасида мельдонийга топширган допинг-намунаси ижобий чиққанини маълум қилган. Халқаро теннис федерацияси спортчини 12 мартдан мусобақалардан четлатган.

Мельдоний 2016 йил 1 январдан тақиқланган дори воситалари рўйхатига киритилган.