Келаси ҳафтада Филадельфия шаҳар кенгаши шакарли ва парҳез ичимликларга солиқ солиш масаласи бўйича овоз беради, деб хабар қилмоқда Associated Press агентлиги. 

Дастлаб шаҳар мэри Жим Кенни лимонадларнинг бир унциясига (0,029 л) 3 центдан солиқ солишни таклиф этган, аммо мунозаралардан сўнг, 1,5 центга туширилган. Бу бир ярим литрлик кола ичимлиги 76 центга қимматлашади, деганидир. Агар қонун лойиҳаси маъқулланса, ундан тушган маблағлар болалар боғчалари, муниципал мактаблар ва паркларга сарфланади. 

Овоз бериш жараёни бошланмасдан ташаббусга қарши чиққанлар «ҳеч қандай янги солиққа ўрин йўқ!» дея бақиришган, бунга жавобан лойиҳа муаллифларининг «болалар кутиб тура олмайди!» деганларини эшитишган. 

Қайд этилишича, газли ширин ичимлик ишлаб чиқарувчилар, мазкур қонун лойиҳасига қарши миллионлаб доллар сарфлашган. 

Айтиш жоизки, АҚШдаги лимонадларга солиқ солган ягона шаҳар Калифорния штатининг Беркли шаҳри ҳисобланади. У ерда 126 минг киши истиқомат қилади. Ўз навбатида, 1,5 млн аҳолиси билан Филадельфия мамлакатнинг катталиги бўйича бешинчи мегаполисидир. Шунга кўра, агар қонун қабул қилинса, у АҚШнинг лимонадлардан солиқ олувчи биринчи йирик шаҳри бўлади.