Африканинг унча катта бўлмаган мамлакати, бир пайтлар даҳшатли фуқаролар урушидан йўқолиб кетиш хавфи остида қолган эди. Эндиликда у ривожланиш суръатлари билан дунёни лол қолдирмоқда.

Руанда – Марказий Африка шарқида жойлашган, 12 млн нафарга яқин киши истиқомат қиладиган мамлакат. У 1990-1994 йилларда бўлиб ўтган фуқаролар урушида, миллионлаб кишилар оммавий қатлиом қилиниши билан дунёга "донг" таратган эди. Ўшанда одамларни ўлдириш суръати нацистларникидан ўтиб кетганди. 

Халқаро ҳамжамиятнинг аралашувидан сўнг, бундай ваҳшийликларга барҳам берилиб, Руанда ҳам узоқ вақтлар ОАВ эътиборидан четда бўлди. Аммо ўша машъум геноцид, фуқаролик уруши, вайронагарчиликлар ва очарчиликдан атиги 22 йил ўтиб, мамлакат кўплаб соҳалар бўйича Африка қитъасининг етакчи давлатлари рўйхатидан жой ола бошлади. 

Лондоннинг Legatum Institute томонидан эълон қилинган Африкадаги тараққиёт даражасига оид ҳисоботга кўра, Руанда ривожланиш суръатлари бўйича биринчи ўринга лойиқ кўрилган. Содда тил билан айтганда, бу мамлакат бошқа барча мамлакатларга қараганда тезроқ ривожланмоқда. У таълим, соғлиқни сақлаш, давлат бошқарувининг сифати, хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт кўрсаткичлари бўйича етакчи ўнликдан жой олмоқда. Шарқий Африка мамлакатлари орасида эса, Руанда энг ривожланаётган мамлакат деб топилган. Турмуш даражаси кўрсаткичи бўйича эса, қитъада саккизинчи ўринни эгаллаган. 

Айтиш жоизки, мамлакатнинг бундай муваффақияти «Руанда ватанпарварлар фонди» етакчиси Поль Кагаме номи билан боғланади. У Руандани бошқара бошлаган 2000 йилдан мамлакат тараққиёт сари юз тутди. 

Поль Кагаме ҳеч қачон Сингапурни Сингапур қилган Ли Кван Юдан ўрнак олишини яширмаган. Руанда президенти ҳам Сингапур муваффақиятини такрорлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. 

У ҳам Руандани худди Ли Кван Ю каби "темир қўл" билан бошқармоқда. Руандада коррупцияга аёвсиз кураш эълон қилинди, давлат бошқарув аппарати кескин қисқартирилди, мулозимларнинг маоши эса, уларнинг қилган ишларига боғланди. Иқтисодиёт ўта либераллаштирилди. Кўплаб назорат-тафтишларга чек қўйилди. 
Давлат ҳар қандай тадбиркорлик ташаббусини қўллаб-қувватламоқда. Корхонани рўйхатга олиш енгиллиги бўйича Руанда жаҳонда 37-ўринда туради. Мулкни рўйхатдан ўтказиш борасида 12, кредит олиш енгиллиги бўйича, қанчалик ишониш қийин бўлмасин 2-ўринда туради. Doing Business рейтингида, шарқий Африка республикаси ўзига муносиб жойда, Люксембургдан кейинги 62-ўринда. Албатта, Сингапур даражасига етиш учун анча борлигига қарамай, Руанда кўзланган тараққиёт учун илдам қадам ташламоқда. 

Кагаме мамлакат иқтисодиётини хизмат кўрсатиш ва юқори технологиялар негизида барпо этишни режалаштиргани боис, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Бир пайтлар хаёлга ҳам келмаган сайёҳлик соҳаси, бугунги кунда мамлакат ЯИМнинг қарийб ярмини таъминлаяпти. Сайёҳлар дунёнинг турли бурчакларидан Руандага ташриф буюрмоқда. 

Шу сабабли, мамлакатга хорижий сармоялар ҳам оқиб кела бошлади. Руанда пойтахти Кигали шаҳрида хориж банкларининг шохобчалари очилмоқда, дунё чакана савдо тармоқлари қурилаяпти. Йигирма йил ичида, Руанданинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ харид қобилияти паритети бўйича 500 доллардан 2015 йилда 1800 долларга чиқди. 

Нима бўлганда ҳам, гарчи ғарб экспертлари Руандада демократия йўқлигини таъкидлашса-да, мамлакат аҳолиси сўнгги президентлик сайловида яна бир бор Поль Кагамэга ишонч билдирди. Уни сайловчиларнинг 95 фоизи қўллаб-қувватлаган. Бу эса Руанда тараққиёт сари одимни дадил давом эттиришини англатади.