Япониянинг Honda автоконцерни бутун дунё бўйлаб 780 минг автомобилини чақириб олишга қарор қилди, деб хабар қилмоқда Япония ер, инфратузилмалар ва транспорт вазирлиги. 

Қайд этилишича, компаниянинг 15 та модели, жумладан, Odyssey минивэни ҳам чақириб олинади. Япония маъмуриятининг қайд этишича, уларнинг аксарияти Takata фирмаси ишлаб чиққан хавфсизлик ёстиқчаларидаги носозлик сабаб қайтариб олинади.

Япониянинг Takata компанияси 2014 йилда можаро марказида бўлиб қолган эди. АҚШ маъмурияти, ушбу компания ишлаб чиққан хавфсизлик ёстиқчалари, пиропатрондаги носозлик туфайли ҳалокат вақтида нотўғри очилиши ёки ёрилиб кетиши ё бўлмаса темир парчасини отиши мумкинлигини аниқлаган эди. 

Шу каби ҳодисалар оқибатида 11 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 10 нафари Америкада юз берган воқеалар қурбонидир. Шу сабабли, бутун дунёда чақириб олинаётган машиналар сони 100 млн дан ортиб кетган.