Канаданинг Калгари университети  ходимлар ва талабаларга тегишли маълумотларни йўқотишдан қўрқиб, корпоратив почтани очиб кирган хакерларга 20 минг доллар товон пули тўлади. Бу ҳақида Toronto Star газетаси хабар қилди. 

Калгари университети тизимига май ойининг охиридан бошлаб хакерлар ҳужум қила бошлашди ва бунинг натижасида талабалар ҳамда олий ўқув юртининг ходимлари корпоратив почтага киролмай қолишди.

Газета берган маълумотларга кўра, номаълум шахслар университет тармоғидаги компьютерларни блокка туширишди, уни фақат хакерларнинг ўзидан код сўраб қайта очиш мумкин бўлар эди. 

Университет ходимлари Калгаридаги хакерларга 20 минг доллар пул тўлаб, ўз тармоқларига қайта кириш имконини қўлга киритишга умид қилишмоқда. Матбуот релизида олий ўқув муассасаси вакиллари ҳужум изоляция қилингани ҳамда шахсий маълумотлар тарқалмаганини таъкидлашди. 

Университет вице-президенти Линда Далгеттининг сўзларига кўра, муассаса маъмурияти тўловни амалга оширишни истамаган бўлсада, илмий маълумотларнинг йўқолиш хавфи муҳимроқ деб топилди.

"Биз - тадқиқот университети, ҳар куни дунё миқёсидаги илмий изланишлар билан шуғулланамиз, шу боис айнан ким бундан жабр кўришини билмаймиз. Биз кимдир бутун ҳаёти давомида меҳнат қилиб, унинг маҳсулини йўқотишини асло истамаймиз", - деган Калгари университети вице-президенти Линда Далгетти.