Шимолий Корея Юқори халқ кенгаши (парламент) қарорига кўра, 29 июнь куни мамлакат пойтахти Пхеньянда парламент сессияси бўлиб ўтади. Корея Марказий телеграф агентлиги маълумотига кўра, мазкур йиғилиш кун тартиби эълон қилинмаган.

КХДРнинг ушбу қонун чиқарувчи юқори органи 687 парламентарийдан ташкил топган. Мавжуд қонунга мувофиқ депутатлар ҳар йили икки марта йиғилишади. Бу йиғилишларда ёки янги қонун лойиҳаси кўриб чиқилади ва ёки янги тайинловлар амалга оширилади.

Навбатдаги сессия Корея меҳнат партиясининг май съездидан сўнг амалга оширилмоқда. Ўшанда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда ядро салоҳиятини ошириш масалалари кўриб чиқилган эди. Улар шунингдек, КХДРнинг беш йиллик иқтисодий тараққиётини юксалтириш масалаларига ҳам тўхталишган эди.