АҚШлик афсонавий боксчи Муҳаммад Алининг Луисвиллда бўладиган очиқ дафн маросимининг бепул чипталари бир соатга қолмай тарқатиб юборилди. Бу ҳақда ABC телеканали хабар бермоқда.

Маросим чипталари KFC Yum аренаси чиптахонларида тарқатилган. Телеканал берган хабарга кўра, чиптахона очилиши билан унинг олдида боксчининг минглаб мухлислари навбати пайдо бўлган. Тахминан орадан 55 дақиқалар ўтгач, барча чипталар тарқатиб юборилган. Кўпчилик чипта олишга муяссар бўлмаган.

Аммо чипталарни қўлга киритган баъзи уддабуронлар уларни сотишга қарор қилди. Ҳар битта чипта учун тахминан 50 доллар сўрашмоқда. Марҳумнинг оиласи вакили Боб Ганнел бундай хатти-ҳаракатларни «ачинарли» деб атади ва Алининг истеъдоди мухлислари афсонавий боксчи билан видолашиш учун пул тўлашдан бош тортишига умид қилди.