Саудия Арабистони Молия вазири Иброҳим Ал-Ассаф қиролликнинг мамлакат фуқаролари ёки хорижликларга солиқ солмоқчи эканини рад этиб, хорижликларга солиқ солиш таклифи илгари ҳам бўлганини айтар экан, бу масала кейинчалик муҳокама этилишини билдирган.

У бу борада ҳеч қандай тасдиқлов бўлмагани, бу Молия вазирлиги томонидан билдирилган таклифлардан бири эканини билдирди. 

У 7 июнь куни "Қайта Тикланиш Миллий Дастури -2020" (National Transformation Program, NTP-2020 ) муносабати билан ўтказилган матбуот конференциясида журналистларнинг саволларига жавоб берди. 

Ал-Ассаф NTP-2020 дастурига масъул вазир сифатида дастурнинг амалга оширилиши мамлакат иқтисодиётининг ўсиши ҳамда барқарорлигини янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади. 

Адлия вазири Валид Ас-Самад NTP-2020'ни  иқтисодиёт ва тараққиёт жиҳатдан қиролликнинг келажагини белгилаб берадиган асосий механизми деб атади. У шунингдек Фиқҳ қонунлари кодекси лойиҳаси тугаллангани ва ҳозирда кўриб чиқилаётганини айтди. 

Транспорт вазири Сулаймон Ал-Ҳамадан мазкур дастур асосида йўл-транспорт ҳодисалари натижасидаги ўлим ҳолатларини камайтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигини билдирди. 

"Автомобиль аварияси кўрсаткичлари ва ўлим фоизи мамлакатимизда жуда юқори. Бу ҳалокат", - деди у. 

Шунингдек у порт фаолиятининг самарадорлигини ошириш кераклигини ҳам таъкидлади.