Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг “Қонунларни ҳаётга жорий этиш механизмларини такомиллаштириш – давр талаби” мавзусида кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда. 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти масъул ходимлари, олимлар, экспертлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари иштирок этди.

   
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан кенг фойдаланишини,  жамиятни ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги “Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Унга кўра ташкил этилган қонунчилик ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси самарали фаолият кўрсатмоқда, – дейди партия фракцияси аъзоси Умид Сулаймонов. – Ҳозир миллий базага 40 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат киритилган. Миллий база мунтазам янгиланиб бормоқда. Истовчилар ундан бепул ва ҳеч қандай тўсиқсиз фойдаланмоқда.
  
Тадбирда қонунчилик ҳужжатларидан фойдаланиш борасида хориж тажрибаси хусусида ҳам фикр алмашилди.