Англия чемпионатида барчани лол қолдирган “Лестер” жамоаси ҳужумчиси Жейми Варди Англия терма жамоасида ўз эртагини бу сафар ҳам давом эттира оладими? Мутахассислар шу масала хусусида изланишмоқда.

Ҳужумдаги рақобат
"Лестер"да Жейми Варди ва Шинжо Оказаки жуфтлиги 27 учрашувда бирга ҳаракат қилган. 5та голга муаллифлик қилган Оказаки 25та ўйинда алмаштирилган. Вардига ёрдам бериш билан банд қилинган бу япониялик футболчи вақтнинг катта қисмини майдон марказида ўтказди, рақиблар ҳужумларини тўхтатиш ва ҳужумдаги биринчи пасни бериш билан шуғулланди.

Англия терма жамоаси бош мураббийи Рой Ҳожсон Нидерландия ва Португалия билан кечган ўртоқлик ўйинларида Вардини Ҳарри Кейн билан бирга қўйди. Туркия билан ўйинда эса олдинги чизиқда бу ҳужумчиларга Раҳим Стерлинг ҳам қўшилди. Ҳужумни Уэйн Руни қўллаб-қувватлаб турди.

Англия терма жамоасининг олдинги чизиғи "голга чанқоқ" футболчилардан таркиб топган. Вардини терма жамоада Оказаки каби ортдан қўллаб-қувватлаб, унинг хатоларини ёпиб турувчи футболчи керак бўлади. Саралаш ўйинлари шуни кўрсатдики, оғир вазиятларда Руни масъулиятни зиммасига олиб, ҳужумга қўшилди - у ҳамиша орқа чизиқда қола олмайди. Масалан, Словения билан ўйинда (3:2). Терма жамоада Вардини орқадан қўллаб турадиган футболчилар ўрнига у билан рақобатлашадиган футболчилар йиғилган. Руни эса терма жамоаси фахрийси ва у анча худбин. "Лестер"да эса Жейми - қирол, унинг "айтгани айтган, дегани деган" эди.

Варди терма жамоада 3та гол урди, шундан фақат биттаси, Германияга қарши ўйинда тезкор қарши ҳужумда (унинг "Лестер"даги севимли услуби - таҳр) юз берди. Қолган икки гол рақиб жарима майдончасида тўғри позиция танлаш эвазига урилган. Англияда қанотларда юқори савияли футболчилар йиғилган, улар ярим ҳимоя чизиғи билан самарали ҳамкорлик қилишади, аммо фақат қанотлардан ўйнаб бўлмайди. Кимдир бу ўринда воситачиликни зиммасига олиб, марказий ҳужумчи учун бўш ҳудуд ҳосил қилиниши учун ҳаракат қилиши керак. Буни Кейн Варди учун қиладими ёки Варди Кейн учунми? Варди жамоа натижаси биринчи ўринда туриши ҳақида гапирса, ҳеч ким ишонмайди, ҳар қандай ҳужумчи фақат гол уриш ҳақида орзу қилади.

Рақобат
Жейми Варди қарши ҳужумлар учун ихтисослашган футболчи. Агар Россия терма жамоаси бош мураббийи Слуцкий Англияга қарши илк ўйинда ҳужумкор тактика танласа, бу Вардига ўзини кўрсатиш учун зўр имкон бўлади. Лекин инглизлар Уэльс ва Словакия билан ўйинларда ҳужумкор ўйин намойиш этишди ва тиғиз мудофаа чизиғи - Варди учун жиддий муаммога айланди. Ахир унга эркин югуриши учун каттагина ҳудудлар керак.

Жарима майдончасига узатиладиган тўплар учун курашиш эса Ҳарри Кейн учун. У Вардидан камида 10 сантиметрга узун. Шунингдек, жарима зарбалари вақтида ҳужумга қўшиладиган Гари Кэйхилл ва Крис Смоллинг Вардининг рақобатчиларига айланишади, уларнинг бўйи янада баландроқ. Бундай вазиятда тўғри позиция танланмаса ва тасодифан тўп ўзига келиб тушмаса, Вардида ўзини кўрсатиш учун имкон бўлмайди. У гол урса, янада яхши ўйнайди, гол урмаса майдонда кўринмай қолади.

Англия терма жамоасига ёпишган "тавқи лаънат"
Барча қийинчиликларга қарамасдан Жейми бари бир рақиблар ҳимоясини парчалай олиши ва голларни қалаштириб ташлаши мумкин. Лекин жамоа яхши ўйнамаса, барчаси бефойда. 1996 йилдан буён инглизлар халқаро турнирларда чорак финаллардан нарига ўта олмайди. Ҳолбуки, ҳамиша таркиб кучли бўлган.

Рой Ҳожсон терма жамоа билан 2 марта ишлаган: 2012 йилги Европа чемпионати арафасида ва 2 йил ўтиб Бразилияда. Биринчи сафар мураббий ҳимояни ва ярим ҳимояни жуда яхши ташкил қилганди (атиги 3та гол ўтказиб юборилган). Лекин ўша таркибдаги Жеррард, Жон Терри ва Эшли Коул энди йўқ. Ўшанда жамоа ҳимоя чизиғи вакили Жолен Лескотт иккита гол билан "жамоа тўпурари" бўлганди, ҳужум чизиғи самарали ишламаганди. Жамоа Италиядан енгилиб, чорак финалдан уйга қайтганди.

2014 йилги ЖЧда инглизлар "ўлим гуруҳи"га тушиб қолишди. Уругвай, Италия ва Кейлор Навасга (Коста-Рика дарвозабони) кураш олиб борган Англия гуруҳдан чиқа олмади. Бу ҳалокат эмасди, лекин яхши натижа ҳам эмасди.

Ҳозирда эса Англия терма жамоасининг бутунлай янги авлоди Евро-2016 турнирига етиб келган (ўртача ёш - 25-30). Қолаверса, Ҳожсон турнирдаги ўзига энг ишонган мураббийлар сирасида қайд этилмоқда.

2014 йили у Террини таркибга олмаганди, бу сафар Англия чемпиони Дэнни Дринкуотерни ташлаб кетиб, унинг ўрнига ўз севимли футболчиси Жек Уилшерни Францияга олиб кетди. Ҳолбуки, Уилшер жароҳат туфайли бутун мавсумни ўтказиб юборганди.

Руҳий ҳолат
“Арсенал” билан бўлаётган музокаралар Вардининг рафиқасини ва ҳатто ўзини ҳам асабийлаштирмоқда. Рой Ҳожсон ҳам Евро-2016 ўйинлари бошлангунга қадар келажак Варди билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритилишини сўради.

The Telegraph’нинг хабар беришича Варди Арсен Венгер билан ишлашни истамаган ва “Лестер” билан шартномасини узайтирган. Лекин клуб шартнома узайтирилгани ҳақида ҳали эълон қилмаган.

Қолаверса, Жейми ўтган мавсумда деярли танаффуссиз ўйнади ва унда чарчоқ аломатлари кўриниб қолмоқда. Бу эса Луис Суарес билан 2010 йилдаги ЖЧда бўлгани каби омадли якунланиши ҳам, 2014 йилда Бразилияда Диего Коста билан бўлгани каби қўрқинчли якунланиши ҳам мумкин.

Манба: Tribuna.Uz