Ақтўбеда ўтказилган махсус операция давомида беш нафар террорчи йўқ қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ахборот хизмати хабар тарқатган.

"Тезкор қидирув тадбирлар натижасида Некрасов кўчасида террорчилар яширинган уй аниқланди. Террорчилар билан музокаралар давомида улар қуролларни топшириб, таслим бўлишга кўнмади. Махсус кучлар томонидан ўтказилган штурм орқали квартирада бўлган тўрт террорчи йўқ қилинди", - дейилган хабарда.

Шунингдек, бу вақтда шаҳарнинг бошқа қисмида, Мясоедов ва Ардинов кўчалари чорраҳасида яна бир террорчи полиция патрулини силлиқ стволли милтиқдан ўққа тутган. Полиция ходимларидан икки нафари енгил жароҳат олган, террорчи эса йўқ қилинган.

Бундан олдинроқ, аксилтеррор амалиёт вақтида ҳудуддан тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилингани ҳақида хабар берилганди.

Эндиликда яна бир жангарини қидириш ишлари давом этмоқда.