Актёр Жорж Клунининг рафиқаси, ҳуқуқшунос Амаль Клуни ИШИД террорчилик гуруҳи томонидан Ироқ язидларининг оммавий қирғин қилиниши юзасидан, ваҳшийлик қурбонлари манфаатларини ҳимоя қилади, деб хабар қилмоқда ET Online.com.

ИШИД жангарилари Ироқ шимолидаги шаҳарларни эгаллаб олгач, оммавий қирғинларни ўтказган эди. Бундан ташқари аёллар жинсий қулликка мажбурланганди. 

«Европарламент, Европа Кенгаши парламент ассамблеяси, АҚШ ҳукумати ва Буюк Британия парламенти умумпалатаси ИШИДнинг Ироқ язидларига нисбатан содир этган жиноятларини геноцид деб тан олди. Кўз ўнгимизда инсониятга қарши энг ваҳшиёна жиноятлар содир этилаётган бўлса-да, улар Гаага Халқаро жиноят суди томонидан таъқиб қилинмаётганини қандай изоҳлаш мумкин?» — деб баёнот берган Клуни хоним.

Клуни ҳимоя қилаётганлар орасида, Надиа Мурод исмли аёл ҳам бор бўлиб, у 2014 йил ноябрь ойида 3 ойлик зўравонликлардан қочишнинг уддасидан чиққан эди. Ҳозирда таниқли фаол аёл бўлган Надиа Муроднинг номзоди Нобель тинчлик мукофотига илгари сурилган.