2016 йилги Европа чемпионати УЕФА ҳомийлиги остида ўтган барча турнирлар орасида энг сердаромадлиси бўлади. Бу ҳақда Bloomberg агентлигига асосланиб Tribuna.uz хабар тарқатган.

Агентликнинг баҳолашича, ташкилот турнирни ўтказиш эвазига 2 миллиард  евро даромад кўради. Евро-2012 орқали УЕФА 1,4 миллиард евро ишлаб олганди. Даромад миқдорининг кескин даражада ортишига турнир иштирокчилари сони 16тадан 24тага етгани сабаб бўлган.

Ўйинларнинг телетрансляциялари намойиши ҳуқуқи сотилиши эвазига УЕФА 1,05 миллиард евро даромад қилган, бу эса 4 йил аввалигадан 25 фоизга кўпроқ. Ҳомийлик тўловлари миқдори эса 40 фоизга ортган ва 450 миллион еврони ташкил қилган. Даромаднинг қолган қисми эса чипталар сотуви орқали келиши назарда тутилган.

Таққослаш учун, Америка Кубоги-2016 турнири ўйинлари телетрансляцияси сотилиши эвазига 112 миллион доллар даромад кўрилган. Европа чемпионатининг 10 июль куни бўлиб ўтадиган финал баҳси аудиторияси 300 миллион кишини ташкил қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, турнир ўйинлари учун 2,5 миллион чипта сотилган, бу 4 йил олдин Польша ва Украинада ўтказилган турнирда бу миқдор 1,5 миллион эди.