Евро-2016 мусобақасининг гуруҳ босқичининг 1-турида бўлиб ўтадиган Россия-Англия учрашуви олдидан Франциянинг Марсель шаҳри кўчалари армия ва полиция томонидан назорат қилинмоқда. Бу ҳақда "Говорит Москва" радиостанцияси маълум қилди

"Марселда шунчаки полиция эмас, қўшинлар киритилган, улар жуда кўп бўлиб, кўчаларни назорат қилмоқда. Ҳавода кескинлик ҳисси сезилмоқда. Париж ва Марсель ҳозирда энг кўп хавфсизлик кучлари йиғилган иккита шаҳар бўлмоқда", деб маълум қилди радиостанция журналисти Тимур Журавель.

7 июнда Буюк Британия ҳукумати Евро-2016’да терактлар юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

30 май куни The Sun нашри ИШИД террорчилик гуруҳи Марселда Россия ва Англия ўртасидаги учрашув вақтида мухлисларга ҳужум қилишни режалаштираётганини маълум қилганди. Учрашув 11 июнда Марселдаги "Велодром" стадионида бўлиб ўтади.

Леонид Слуцкий жамоаси Англиядан ташқари, Словакия (15 июнь) ва Уэльс (20 июнь) билан учрашади.