Фашистик Германия доҳийси Адольф Гитлер ва унинг ёрдамчилари бўлган Герман Геринг ҳамда Генрих Гиммлерга тегишли бўлган шахсий буюмлар кимошди савдосига қўйилди. Daily Mail нашри хабарига кўра, аукционда харидорлар Гитлернинг рафиқаси бўлган Ева Брауннинг ҳам кийимларига эга чиқиши мумкин.

Сотувга қўйилган буюмлар (лот) орасида Гитлернинг пайпоғи ва галстуги, Герингнинг кальсони (иштон) ва туфлиси ҳамда Гиммлер томонидан ёзилган қўлёзмалар бор.

Бундан ташқари, аукционда «Штурмовик» газетаси бош муҳаррири Юлиус Штрейхер Нюрнберг судидан кейин осиб ўлдирилган арқон парчаси сотилади.

Манба маълумотига кўра, бу нацистлар етакчиларининг шахсий буюмлари сотувга қўйилган энг йирик аукцион бўлади. Савдолар 16 июнь куни Мюнхендаги Hermann Historica аукцион уйида ўтказилади.

Гитлерга 1944 йилнинг 20 июлида суиқасд уюштирилганидан кейин олинган унинг рентген сурати 900 еврога баҳоланган. Герингнинг иштони учун нарх эса 500 евро. Штрайхер осилган арқон учун ҳам нарх шунча миқдордан бошланади.

Бу буюмларнинг барчаси америкалик Жон К. Латтимерда сақланган. Бу коллекционер 2007 йилнинг майида вафот этганди.