Хитойнинг Сичуань вилоятида фермер икки бошли чўчқани боқмоқда. Бундай нуқсон билан туғилувчи кўплаб жонзотлардан фарқли, чўчқа ўзини яхши ҳис қилмоқда, деб хабар бермоқда Metro нашри.

Хитойликнинг айтишича, унга чўчқа учун 400 доллар таклиф қилишган, бироқ у рад жавобини берган. Хитойлик чўчқа кўпайтириш билан шуғулланаётган 3 йил ичида бундай ғаройиб чўчқа биринчи марта туғилган.

Фермер чўчқани бошқа чўчқалардан алоҳида сақламоқда. Чўчқа боласида иккита бош, иккита оғиз бор, бироқ кўзи учта. Шунга қарамасдан, чўчқа соғлом ва тийрак кўринади.

Чўчқача маҳаллий аҳоли орасида машҳурлашиб кетди. Уни кўргани қўшни қишлоқлардан ҳам одамлар ташриф буюрмоқда.

Аввалроқ Африкада икки бошли тимсоҳ, Туркияда эса икки бошли дельфин кузатилгани маълум қилинганди.