Ҳиндистон, нефть ва нефть маҳсулотлари истеъмол қилиш бўйича АҚШ ва Хитойдан кейинги учинчи ўринни эгаллади, дейилади BP компаниясининг Жаҳон энергетика ҳисоботида. Бу ҳақда Rigzone хабар қилган. 

2015 йили бутун дунё бўйлаб истеъмол қилинган нефтнинг 4,5 фоизи Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келган. Мамлакатнинг бир кунлик эҳтиёжи 4,1 млн баррелни ташкил этган. Бу рақам АҚШда 19,39 млн, Хитойда 11,96 млн баррелдан иборат бўлган.

Ўрнини Ҳиндистонга бўшатиб берган Япониядаги нефть истеъмоли 3,9 фоизгача тушиб, бир кунда 4,15 млн баррель талаб этилган. 2014 йили Япония кунига 4,3 млн баррел нефт маҳсулоти ишлатган, Ҳиндистоннинг бу борадаги кўрсаткичи атиги 3,84 млн баррель бўлган эди.

Хусусан, жаҳон бўйлаб бир кунда 95 млн баррель нефть истеъмол қилинса, шунинг 19,7 фоизи биргина АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатдаги нефть истеъмоли 2014 йилга нисбатан 1,6 фоизлик ўсишни кўрсатган. 

Хитойнинг 2015 йилдаги бу борадаги ўсиши 6,3 фоизни ташкил этиб, бир кунда 11,968 млн баррелдан иборат бўлган. Бу жаҳон талабининг 12,9 фоизидир. 

Ҳозиргача, нефть дунёдаги энг асосий энергия манбаи бўлиб қолмоқда. "Қора олтин"нинг жаҳон энергия истеъмолидаги ҳиссаси 32,9 фоизни ташкил этган. Кўмир 29,2 фоизлик кўрсаткич билан иккинчи ўринни банд этган. Табиий газ улуши 23.8 фоиздан иборат бўлган.