Актёр ва режиссёр Мэл Гибсон "Passion of the Christ" ("Христов эҳтирослари") фильмининг давоми устида ишламоқда, дея маълум қилади The Hollywood Reporter.

Хабарга кўра, Исонинг тирилишига урғу бериладиган фильм сценарийсини Рэндалл Уоллес ёзмоқда. 

Уоллеснинг айтишича, мазкур лойиҳа ижроси жуда мураккаб, шу боис бу борада сир сақлаш қийин. 

"Мен доим шу ҳақида сўзлаб беришни хоҳлаганман. "Христов эҳтирослари" фильми бунинг боши, холос. Бу мавзуда ҳикоялар кўп", - деди Уоллес. 

Гибсоннинг расмий вакили ушбу лойиҳада актёрнинг иштирокига оид изоҳ беришдан бош тортди. 

2004 йилда катта экранларга чиқарилган "Христов эҳтирослари" картинаси дунё прокатида 600 миллион доллардан ортиқ маблағ йиғди. Фильмни суратга олиш ишлари учун 30 миллион доллар сарф қилинган.