14 мингга яқин киши Муҳаммад Али билан хайрлашув маросимида иштирок этди.

Маросим 9-10 июнь кунлари мобайнида Кентукки штатидаги Луисвилль шаҳрида, Freedom Hall спорт аренасида бўлиб ўтмоқда. Айнан шу ерда афсонавий боксчи 1960 йили ўзининг илк профессионал жангини ўтказганди.

9 июнь кунги маросим марҳум аввалдан васият қилганидек мусулмонча расм-русумлар билан ўтказилган (боксчи 1964 йилда ислом динини қабул қилган - таҳририят).

АҚШнинг нуфузли мусулмон арбоблари, шунингдек, Алининг қариндошлари ва дўстлари видолашув сўзларини билдирди. 20 дақиқа атрофида давом этган маросим чоғида боксчининг Макка томонига қаратилган тобути олдида Қуръон тиловат қилинди, дуолар ўқилди.

Тарихда илк марта мусулмонча расм-русумлар билан ўтказилган видолашув маросими Америка миллий телевидениеси орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинди.

Бугунга унинг дафн маросими белгиланган. Бу маросимда АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон ҳам ҳозир бўлади ва нутқ ирод қилади. Маросимга шунингдек, Иордания қироли Абдулла Иккинчи, Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған, актёр Уилл Смит ва боксчи Леннокс Льюис каби нуфузли шахслар иштирок этади.

Тобутни кўтарувчилар орасида Алининг спарринг бўйича шериги — Жимми Эллиснинг укаси Жерри, боксчининг амакиваччалари Жон Грейди ва Ян Ведэлл, жияни Ибн Али, куёви Комави Али, оилавий дўсти Жон Рамзи бор.

Муҳаммад Али 3 июнь, жума куни, Финикс шаҳридаги шифохоналардан бирида жон берди. Марҳум боксчи нафас олишга қийналаётгани сабабли шифохонага етказилган ва у ерда бир неча кун ўтказган эди.

Профессионал фаолияти давомида Муҳаммад Али 61 та жанг ўтказиб, 56 тасида (шулардан 37 тасида нокаут билан) ғалаба қозониб, 5 тасида мағлубиятга учраган. У 1960 йилги Олимпиада чемпиони бўлган. 1999 йилда Али «Асрнинг энг яхши спортчиси» деб тан олинганди.