Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған афсонавий марҳум боксчи Муҳаммад Алининг дафн маросимида иштирок этиш учун АҚШга сафарини маросим ташкилотчилари билан келишмовчиликка боргани сабабли барвақт тугатди, деб хабар бермоқда ABC News. 

Hurriyet турк газетасининг манбаларга иқтибос келтирган ҳолда ёзишича, Эрдўғаннинг норозилигига маросим ташкилотчиларининг унга Алининг тобутини Каъбатуллоҳнинг тасвири туширилган чойшаб билан ўрашга ҳамда Туркия дин ишлари бошқармаси бошлиғи Мехмет Гёрмезнинг дафн вақтида Қуръон тиловат қилишга ижозат бермаганлари сабаб бўлди.

Нашрнинг таъкидлашича, Эрдўған Алининг она шаҳри Луисвиллда бўлганда унинг тансоқчилари ва АҚШ махсус хизматлари агентлари ўртасида тўқнашув содир бўлган. 

Аввалроқ Эрдўған АҚШга 2 кунлик ташрифини бир кунга қисқартиргани маълум қилинганди.

Афсонавий америкалик боксчи, 20-асрнинг энг яхши спортчиси деб тан олинган Муҳаммад Али 4 июнда 75 ёшида оламдан кўз юмди.