АҚШ президенти Барак Обама телевизион шоуда иштирок этиб, сокин мусиқа остида давлат раҳбари лавозимида қўлга киритган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди.

"Сўнгги саккиз йил давомида сизнинг президентингиз сифатида хизмат қилишга мушарраф бўлдим. Мен Оқ уйга келганимда, мамлакатимиз ўз тарихидаги энг ёмон турғунлик ҳолатини бошдан кечираётган эди. Ўша даврдан бошлаб биз 14 миллиондан ортиқ ишчи ўринлари яратдик ва ишсизлик даражасини беш фоиздан пастга туширдик. Менинг маъмуриятим олиб борган ишлар иқтисодиётни рағбатлантиришга имкон берди ва давлатни тараққиёт йўлига қайтарди", - дея маълум қилди Обама NBC каналидаги Tonight Show телевизион кўрсатувида. 

Обама шунингдек, "АҚШнинг ижтимоий ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳаларида илғор қадамлар" қўйганини таъкидлади.

"АҚШ келажак авлод учун сайёрамизда соғлом иқлимни таъминловчи тоза энергия ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлат ҳисобланади", - деди Обама. 

Президент қўшимча 20 миллион америкаликларга малакали тиббий ёрдам олиш имконини берган Obama Care соғлиқни сақлаш ислоҳотини ҳам қайд этиб ўтди. 

Шундан сўнг у тез орада президент мажбуриятларини бажаришни тарк этишини билдирди. 

"Менинг таътилимга тахминан 223 кун қолди", - деди Обама жилмайиб. 

Президент ўз сўзларига якун ясар экан, у америкаликларни муҳим қарор кутаётганини таъкидлади. 

"Президентликка номзодларнинг баъзилари (исмларини айтмайман) менинг хорижий сиёсий позициямни танқид қилишди (шу пайт бэк-вокалчи Дональд Трампнинг номини куйлади ва залда кулги кўтарилди). Энг асосийси, хорижий раҳбарлар билан ҳамкорликда ишлаш деб ҳисоблайман, шу сабаб мен Эрон билан ядровий битим имзоладим, Куба билан дипломатик алоқалар ўрнатдим ва Транс-Тинч океани билан музокаралар олиб бордим, бу Америка бизнесига ўз маҳсулотларини АҚШ ва чет элларда сотиш имконини беради", - деди у. 

Мусиқий чиқишнинг охирида АҚШ президенти "АҚШнинг энг яхши кунлари олдинда эканлигини" таъкидлади.