Ўтмиш футболи афсоналари Пеле ва Марадона Париж шаҳрида Европа чемпионати арафасида ташкил этилган "Дўстлик учрашуви" номи остидаги  ўртоқлик ўйинида иштирок этишди.

Ушбу учрашувда ҳар икки жамоадан беш нафардан фахрий футболчилар майдонга тушишди: Марадона, Давид Трезеге, Анжело Перуцци, Кларенс Зеедорф, Бебето, Рио Фердинанд, Дида, Эрнан Креспо ва Фернандо Йерро. Учрашувда 8:8 ҳисоби қайд этилган.

Январь ойида белини операция қилдирган 75 ёшли Пеле ўйин вақтида мураббий вазифасини бажарган.

Ўйин бошланиши арафасида Пеле ва Марадона бир-бири билан ярашган.

Ўйиндан кейин улар ўзаро муносабатлари хусусида фикрлар билдириб ўтишган.

"Энди ҳеч қандай қарама-қаршилик бўлмайди. Мен Пелега барчаси учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. У қандай футболчи бўлгани ва биз учун умрбод қандай инсон бўлиб қолишини ҳаммамиз яхши биламиз. Бизга у каби инсонлар, футбол афсоналари жуда керак", - деган Марадона.

"Энг муҳими - бу ўйин тинчлик элчиси. Мен дўстим Марадонага бундай имконият учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Майдонга тушган футболчилар шарафига бу қадар улкан олқишларни эшитиш жуда ёқимли бўлди", - деган ўз навбатида Пеле.

Маълумот учун, 2000 йилда ФИФА томонидан XX асрнинг энг яхши футболчисини аниқлаш жараёнида Пеле ва Марадона ўртасида келишмовчилик келиб чиққан эди. Ўшанда интернетда ўтказилган сўровномада кўпчилик Марадона учун овоз берган. ФИФА журнали ўқувчилари эса Пелега овоз берганди. 

Якунда ФИФА ҳар икки номзодни тақдирлашга қарор қилганди. Аммо Марадона бу қарорни танқид қилган ва тақдирлаш маросимида Пелега совринни топширишларини кутмасдан, залдан чиқиб кетганди.

Кейинроқ Марадона Пелени бразилиялик бошқа бир афсонавий футболчи Гарринча "азоб-уқубатда вафот этишига жим қараб турганликда" айблаганди. Пеле эса Марадонани ақли ноқисликда айблаган.