АҚШ сенати 10 июнда Россияда ишлаб чиқариладиган РД-180 ракета двигателларини сотиб олишни давом эттириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Sputnik ахборот агентлигига сенатор Ричард Шелби маълум қилди.

"Биз бу масала бўйича келишиб олдик", деб айтди Шелби ва битим 2022 йилгача давом этиб, 18 та двигателни сотиб олишни кўзда тутишини қўшимча қилди.

Аввалроқ "Роскосмос" давлат корпорациясига қарашли "Энергомаш" илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси бош муҳандиси Владимир Чванов унинг корхонаси АҚШга ракета двигателларини етказиб беришга тайёрлигини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ конгресси 2019 йилдан кейин ҳарбий мақсадларда РД-180 двигателларидан фойдаланишни тақиқлаганди. Бу қарор Россия томонидан 2014 йилда Қрим қўшиб олингандан кейин қабул қилинган. Бироқ 2015 йил декабрда кучга кирган ва 2016 йил октябригача давом этадиган АҚШнинг янги бюджет қонунида двигателлар сотиб олишга тақиқлов бекор қилинган.