Март ойида собиқ рестлер ва актёр Халк Хоганга судда ютқазган АҚШнинг Gawker Media янгиликлар интернет-ресурси касодга учради ва сотувга қўйилди. Бу ҳақда нашрнинг расмий сайтида чоп этилган хабарда маълум қилинди. 

Хабарда айтилишича, нашр раҳбарияти март ойида Флорида штати суди Хоганга 140 млн доллар товон пули тўлаш мажбуриятини қўйгани сабабли бу чорага боришга қарор қилган. Суд тафтишига нашрнинг Хоганнинг рухсатисиз унинг обрўсига путур етказувчи видеони чоп этгани сабаб бўлган.

The Wall Street Journal газетаси маълумотларига кўра, Ziff Davis ноширлик компанияси Gawker Media’ни 90 млн долларга сотиб олишга тайёрлигини билдирган. The New York Times газетаси маълумотларига кўра, Gawker Media раҳбарияти нашр харид қилингандан кейин ҳам ишини давом эттиришига умид қилмоқда.

Шов-шувларга сабаб бўлган видео нашрда 2012 йилда чоп этилган. Унда Хоган ўз дўстининг рафиқаси билан тасвирланган. Собиқ рестлер шундан кейин нашр устидан судга шикоят қилиб, ундан 100 млн доллар товон пули талаб қилган. Актёр адвокатининг айтишича, нашр қонунни бузган, чунки Хоган ва бошқа манфаатдор томонларнинг рухсатисиз видеони чоп этиб, бунинг орқасидан фойда кўрмоқчи ва актёрнинг обрўсига путур етказмоқчи бўлган.