Тоғли Қорабоғ можаросининг томонлари сифатида фақат Арманистон ва Озарбайжон кўрилади. Бу ҳақда Озарбайжон ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати раҳбари Хикмет Гаджиев баёнот берди. У “музокоралар жараёнига Тоғли Қорабоғда ташкил этилган ноқонуний режимни ҳам қўшиш керак”, деган айрим мамлакатлар таклифига изоҳ берар экан, ЕҲХТ ҳужжатларида таъкидланганидек, арман-озарбайжон можароси томонлари сифатида Арманистон ва Озарбайжон кўрилишини, манфаатдор томонлар сифатида эса Тоғли Қорабоғдаги озарбайжон ва арман жамоалари эканлигини эслатиб ўтди. Гаджиевнинг айтишича, Тоғли Қорабоғ Озарбайжонга тегишли бўлиб, мазкур минтақада истиқомат қилувчи арман ва озарбайжон жамоалари бир хил ҳуқуқларга эга. “Тоғли Қорабоғ Озарбайжоннинг тарихий ва юридик ҳудудидир. Арманистон томонидан эгаллаб олинган мазкур ҳудудлар Озарбайжонга тегишли эканини бирор бир давлат, бирор бир халқаро ташкилот шубҳа остига олмаган. Бирортаси ҳам. Ҳатто Арманистоннинг ўзи ҳам бунга шубҳа қилмайди”, деди ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили.

Шуни таъкидлаш керакки, Арманистон нафақат Тоғли Қорабоғни, балки унинг атрофидаги Озарбайжонга тегишли еттита туманни оккупация қилган. Бунинг оқибатида 1 миллиондан ортиқ озарбайжонлик ўзларининг киндик қони тўкилган маконларидан бош олиб кетишга мажбур бўлди.

БМТнинг тўртта резолюциясида, Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган қарорда, нуфузли халқаро ташкилотларнинг бир қатор резолюцияларида, Европа Иттифоқи, Европа Кенгаши, Европарламент қарорларида оккупантларнинг зудлик билан Озарбайжон ҳудудларидан чиқиб кетиши талаб қилинади.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги мажоро 1988 йилнинг февраль ойида бошланган. Ўшанда Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Озарбайжон таркибидан чиқишини маълум қилган эди. 1992 йилдан бери можарони барқарорлаштириш мақсадида ЕҲХТ Минск гуруҳи доирасида музокоралар олиб борилмоқда. Озарбайжон ҳудудий яхлитлиги сақланиб қолинишини талаб қилаётган бўлса, Арманистон тан олинмаган республика манфаатларини ҳимоя қилади. 

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев куни кеча Бокудаги мусулмон мамлакатлари дипломатик корпус вакиллари билан учрашар экан, Арманистон томони можарога диний тус бераётганини таъкидлаб ўтди. “Арманистон томони можаро борасида Европа мамлакатларига нотўғри маълумот бермоқда. Улар, шунингдек, можарога диний тус беришга уринмоқда. Айрим ҳолларда улар христианлар қадриятларини ҳимоя қилишаётганини айтишмоқда”, дер экан Алиев, Озарбайжонда масжидлар билан бир қаторда черков ва синагоглар фаолият юритаётганини, Бокудаги арманлар черковини таъмирлаш учун маблағ ажратилганини эслатиб ўтди.

Шу йилнинг 16 май куни Венада Арманистон ва Озарбайжон президентлари Серж Саргсян ва Илҳом Алиев АҚШ, Россия ва Франция ташқи ишлар вазирлари воситачилигида учрашиб, музокаралар олиб боришди. Қабул қилинган баёнотда апрель ойида бошланиб кетган кескинликни юмшатиш ва можарони барқарорлаштириш мақсадида тез кунларда музокаралар бошланиши таъкидланади. Вена учрашувидан кейин можарони барқарорлаштириш йўлида умидлар пайдо бўлди. Бу ҳақда Германия вице-канцлери Зигмар Габриэль баёнот берди. Канцлер Ангела Меркель эса Илҳом Алиев билан учрашар экан, Тоғли Қорабоғ можароларини барқарорлаштиришда Россия муҳим роль ўйнайди, деди.

Россия, Озарбайжон ва Арманистон президентларининг учрашуви июнь ойи сўнггида Санкт-Петербургда бўлиши режалаштирилган. ЕҲХТнинг Минск гуруҳининг АҚШдан ҳамраиси Жеймс Уорлик Озарбайжон ва Арманистон президентларининг июнь ойи сўнггида бўлиб ўтиши кутилаётган учрашувини тасдиқлади. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарларининг учрашувига тайёргарлик ишларини олиб бораётганини маълум қилган эди.

Озарбайжоннинг Россиядаги элчиси Пўлат Булбул ўғли икки мамлакат президентларининг июнь учрашуви Боку учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Республикаси куни муносабати билан Бокуда бўлиб ўтган тантанали қабул маросимида нутқ сўзлаган президент Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғ можароси тинч йўллар билан ҳал қилинишига умид билдирди. У ўз сўзида яқинда Венада Арманистон президенти билан бўлиб ўтган учрашув самарали бўлганини таъкидлади. Илҳом Алиевнинг сўзларига қараганда, Озарбайжонинг ҳудудий яхлитлиги музокоралар мавзуси бўлмайди. “Бу Озарбайжон ҳудудий яхлитлиги доирасида ҳал қилиниши керак. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тўртта резолюцияси бажарилиши зарур”, деди Озарбайжон раҳбари. “Озарбайжон халқи ҳам, Озарбайжон давлати ҳам ҳеч қачон тарихий тупроқларимизда иккинчи арман давлати тузилишига йўл қўймайди”, деди Илҳом Алиев. Шу билан бирга у Тоғли Қорабоғ худудларида истиқомат қилиб келаётган арманлар ҳақида гапирар экан, бундан кейин ҳам бемалол эмин - эркин яшайверишларини айтиб ўтди. “Бизнинг мавқеимиз шу: ҳар ким қаерда яшаган бўлса ўша ерда яшаши керак”, деди Озарбайжон раҳбари. У мультикультурализм жиҳатидан Озарбайжон намунавий мамлакат эканини қайд қилиб ўтди.

Шарофиддин Тўлаганов.