Россиялик дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар ҳамда киберфирибгарлар ўз соҳаларида дунёнинг моҳир мутахассисларидир. "Касперский лабораторияси" бош директори Евгений Касперский The New York Times нашри журналистлари билан суҳбатида шундай фикрларни билдирган. 

"Кибернетика соҳасида биз "ўрта асрлар"да яшамоқдамиз - дея, унинг сўзларини келтиради Америка газетаси. - Ҳозирги кунда имкониятлар кенгаймоқда, янги технологиялар пайдо бўляпти, янгидан-янги хизматлар таклиф этилмоқда, аммо хавфсизлик етишмаяпти".

Нашрнинг қайд этишича, "Касперский ва унинг компанияси хакерлик гуруҳларига қарши курашда етакчи ҳисобланади". Газетанинг уқдиришича, россиялик киберхавфсизлик мутахассиси буни иккита сабаб билан изоҳлаган. 

"Россиялик программистлар кучли, аммо афсуски, россиялик кибержиноятчилар ҳам кучлидир ", - деган Евгений. 

Касперскийнинг сўзларига кўра, РФ хакерлари ўзлари ишлаб чиққан зарарли дастурлардан самарали фойдаланади. 

"Улар нафақат ўз қурбонининг ахборотини ўғирлайди, балки бошқа гуруҳларга шу каби технологияларни сотади, - деб қўшимча қилган Касперский. - АҚШ ва Осиёда бундан жабрланганлар юзлаб топилади".

"Касперский лабораторияси" ахборот хавфсизлиги учун қатор дастурлар ишлаб чиқаради. У, дунёнинг киберхавфсизлик соҳасидаги энг йирик компанияларидан биридир.