Албания - Швейцария ўйинида Европа чемпионатлари тарихида илк маротаба ака-укалар бир-бирига рақиб терма жамоалар таркибида майдонга тушишди.

25 ёшли Таулант Чака Албания терма жамоаси, 23 ёшли Гранит Чака эса Швейцария терма жамоасида ўйнади.

Уларнинг ота-онаси этник жиҳатдан Косово албанлари бўлиб, 1989 йилда Швейцарияга қочқин мақомида келишган. Ака-укаларнинг иккиси ҳам Базель шаҳрида туғилган ва иккиси ҳам Швейцария терма жамоаси сафида ўйнаган. Лекин кейинчали Таулант Албания терма жамоаси сафида ўйнашни танлади.

Уларнинг онаси стадионга ташриф буюриб, Швейцария ва Албаниянинг бирлаштирилган байроғи сурати туширилган футболкада ўғилларини қўллаб-қувватлади.