АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари АҚШлик ҳарбийлар кўмагида ИШИДга қарши курашаётган Сурия муҳолифати қуролланган отрядларидан бирига хатолик туфайли зарба берди. The Wall Street Journal нашри электрон версияси маълум қилганидек, Мара шаҳри ҳудудида берилган бу авиазарба оқибатида отряднинг бир неча жангчиси ҳалок бўлган. 

Зарбадан кейин Пентагон "ИШИДнинг иккита тактик бўлинмаси", унга тегишли бир нечта транспорт воситаси  йўқ қилинганини маълум қилган. The Wall Street Journal’нинг таъкидлашича, аслида зарбага "Мутасим бригадаси" – Сурия муҳолиф гуруҳининг жангчилари учраган. Бу гуруҳ аъзоларини ИШИДга қарши курашда америкалик ҳарбийлар тайёрлаб, қуроллантиради. Бу гуруҳ вакили авиазарба оқибатида камида 10 жангчи ҳалок бўлганини маълум қилган. 

АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлигининг жавобгарлик соҳасига Яқин Шарқ кирадиган вакили, полковник Патрик Райдер бундай воқеа ҳақиқатда юз берганини тасдиқлади. Бироқ у америкалик ҳарбийлар маълумотларига кўра, зарба оқибатида 4 нафар жангчи ҳалок бўлганини айтган. 

Унинг айтишича, Пентагон бу воқеа бўйича тергов ўтказмоқда. "Биз ИШИДга қарши курашаётган Сурия муҳолифати отрядларига кўмак кўрсатишни давом эттирамиз ва тергов натижаларига кўра бўлғусида жанговор операцияларимизни ўтказишни яхшилаш бўйича хулосалар чиқарамиз", деб айтди Райдер.