Украинанинг собиқ ҳарбий хизматчиси, Олий рада депутати Надежда Савченконинг сўзларига кўра, Украина ҳукумати тартибсиз бўлиб, мамлакат фуқароларининг ишончини оқлай олмаган. У шунингдек, Украинада навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтишига умид қилмоқда. Савченко Associated Press агентлигига берган интервьюсида шундай фикрларни билдирган.

"Ҳозирги адолатсиз ҳукумат қанча кўп турса, у бизни шунчалик жарликка тортади, - дея унинг сўзларини келтиради агентлик. -"Майдан"дан сўнг одамлар унга ишонган эди, улар ҳозирги ҳукуматдан катта умид қилишганди, аммо афсуски, ҳукумат бу ишончни оқламади". 

Депутат шунингдек, навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлишини билдирган бўлса-да, унинг муддати борасида аниқ фикрларни илгари сурмаган. 

Шу билан бирга, депутат ўзининг президент бўлиш имкониятини ҳам инкор этмаган. 

Савченко Украина шарқидаги вазиятга тўхталар экан, расмий Киев ва Луганск ва Донецк халқ республикалари билан музокаралар ўтказилмаса, Украина ерида тинчлик бўлмайди, деган фикрларни айтган.