11 июнь куни Марсель шаҳридаги "Велодром" ўйингоҳида Россия ва Англия ўртасидаги учрашув якунланганидан кейин россиялик фанатлар инглиз ишқибозлари жойлашган трибунага бостириб кириб, жанжал бошлашди. Бу ҳолат тасвирланган видеолар интертнет бўйлаб тарқалди.

Марселдаги тартибсизликлар ўйин бошланишидан 1 кун олдин бошланганди ва бу жанжаллар асосан инглизлар томонидан уюштирилганди.

Ўйин якунланиши биланоқ эса россиялик мухлисларни тутиб туришнинг иложи бўлмай қолди, улар 2та мушак отиб, ракетницадан икки марта ўқ узишди.

Шундан сўнг, ўнлаб фанатлар тўсиқни бузиб, стюардлар ҳалқасини ёриб ўтишган ва инглизларга ҳужум қилишган. Трибунадаги россиялик сухандон уларни тинчлантириш учун қилган ҳаракатлар бесамар кетган.

Британиялик спорт журналисти Саймон Раунтрининг ўз твиттерида ёзишича, бу ҳодисадан олдинроқ, инглиз ишқибозлари Россия президенти Владимир Путин ва теннисчи Мария Шарапова номига ножўя сўзлар ишлатиб, ҳайқиришганди.

Жумладан, инглиз мухлислари "Путин Қримни ўғрилагани" ҳақидаги сўзларни айтишган.

Унинг ҳамкасби Мартин Макитайрнинг айтишича, инглизлар Россия байроғини булғаган.

Кўп ўтмасдан бу журналистларнинг аккаунтлари ўчирилган.

Вазиятга баҳо берган Россия спорт вазири Виталий Мутконинг айтишича, россиялик мухлислар ўзларини номуносиб тутишган ва Россия Футбол Иттифоқи УЕФА томонидан жазоланиши мумкин.

У РФИ томонидан ўйин вақтида тартибсизликлар бошлаган россиялик мухлислар аниқланиб, жазога тортилиши ҳақида айтган.

Марсель шаҳрида ўйиндан аввал бўлиб ўтган тўполонлар вақтида шаҳар полицияси кўздан ёш сиздирувчи газ қўллашга мажбур бўлди.

Охирги маълумотларга кўра, кун бўйи юз берган тартибсизликлар натижасида 35 киши жароҳатланган. Инглиз ишқибозларидан бири ўлим ёқасида қолмоқда.