Хитой Тинч океани ҳавзасида, Тайвань ороли ва Японияга тегишли Рюкю архипелагидан шарқда ҳамда Жануби-Хитой денгизида цунамини эрта аниқлаш қурилмасини жойлаштирмоқчи. Бу ҳақда "Синьхуа" ахборот агентлиги маълум қилди.     

Катта тўлқинларни аниқлаш қурилмаси махсус буйларда жойлаштирилади. Хитой Бош океанологик бошқармасида таъкидланишича, улар цунамидан огоҳлантириш халқаро тизими билан боғланади ва Хитойнинг шарқий ва жанубий соҳилбўйи ҳудудлари аҳолисини табиий фожиа яқинлашаётганидан эрта огоҳлантириш имкониятини оширади. Хитойлик океанологлар шунингдек қўшни давлатларни цунами хавфидан огоҳлантира оладилар.   

Мутахассислар Филиппин яқинидаги Манила новидан ғарбга томон буйларнинг бир қисмини ўрнатдилар. Бу сейсмик фаол ҳудудда ороллар ва Жануби-Хитой денгизи соҳилбўйига хавф солувчи кучли цунамилар пайдо бўлиши мумкин.

Айни вақтда Хитойнинг цунамини аниқлаш тизими Тинч океанининг исталган жойида улкан тўлқиннинг пайдо бўлганидан ер ости зилзиласидан 5 дақиқадан, Жануби-Хитой денгизида эса 30 сониядан кейин огоҳлантириши мумкин.