Футбол бўйича Украина терма жамоасининг кучли томони қарши ҳужумлар ҳисобланади. Бундай фикрни учрашув олди матбуот-анжуманида Германия бош мураббийи Йоахим Лёв айтиб ўтди.

Европа чемпионатининг гуруҳ босқичидаги Германия ва Украина ўртасидаги учрашув 12 июнда Лиллда бўлиб ўтади. Учрашув тунги соат 00:00да бошланади.

"Бу ҳафтада биз рақибни таҳлил қилдик. Украина жуда жадал футбол ўйнайди ва улар барча 90 дақиқа юқори суръатларни ушлаб тура олади. Жамоанинг энг хавфли қуролларидан бири – тезкор қарши ҳужумлардир. Украина терма жамоаси сафида ўйиннинг бу услубига жуда мос келувчи 3-4 ўйинчи бор", деб айтди Лёв.

Лев якшанба кундаги учрашувга Германияни сардорлик боғичида майдонга олиб тушадиган футболчи номини айтмади. Бастиан Швайнштайгер март ойида тиззасидан жароҳат олган, бироқ жамоа таркибига киритилган. "Сардорни эртага айтаман, Швайнштайгер мен учун жамоа сардори бўлиб қолади ва у мусобақада аниқ ўйнайди. Агар у чиқмаса, унда бизда бу роль учун номзодлар талайгина: Хедира, Хуммельс, Мюллер, уларнинг барчаси бирдек қимматли ўйинчилар", деб айтди Лёв.

Мураббий Германия учун у фаворит ҳисобланадиган ўйинлар осон бўлмаслигини таъкидлаб ўтди. "Кеча биз Франция қандай қийинчилик билан руминларни ютганини кўрдик. Ҳеч нарса кутилмайдиган жамоалар борган сари мудофаада яхши ўйнамоқдалар. Руҳий босимга келсак, биз учун бу муаммо бўлмайди. Охирги йилларда бизнинг жамоа йирик мусобақаларнинг яримфинал ва финалларида бир неча бор ўйнаган, ўйлайманки, биз босимни енга оламиз", деб қўшимча қилди Лёв. 

Германия билан бир гуруҳда Украинадан ташқари, Польша ва Шимолий Ирландия ҳам ўйнайди.