АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Жон Бреннан 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар бўйича 28 саҳифалик ҳисоботнинг чоп этилиши Саудия Арабистонининг терактларга алоқадор эмаслигини исботлайди, деган фикрни билдирди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

"Мен бу ҳужжатларнинг чоп этилишини қўллаб-қувватлайман, улар Саудия Арабистони ҳукумати 2001 йилда АҚШга қилинган терактлар билан ҳеч қандай умумийликка эга эмаслигини исботлайди", деб айтди Бреннан. 

АҚШ ҳукумати 2002 йилда тузилган 11 сентябрдаги терактлар бўйича ҳисоботнинг ошкор қилиниши масаласини қўриб чиқмоқда. Бреннаннинг фикрича, бу ҳужжатларнинг чоп этилиши 2001 йилдаги терактларда жабрланган америкаликларга Саудия Арабистони ҳукуматига қарши даъво аризаси бериш борасидаги баҳсга ойдинлик киритади.

Май ойи ўртасида АҚШ сенати 11 сентябрдаги терактларда жабрланганларга терактларга гўёки алоқадор бўлган Саудия Арабистони ҳукуматига қарши даъво аризаси бериш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини қабул қилганди.