Дастлабки маълумотларга кўра, Орландода тунги клубдаги отишма АҚШ тарихидаги энг оммавий қотиллик бўлди. Қурбонлар сони 50 кишигача ошди. Бу ҳақда WESH2 маҳаллий телеканали мухбири твиттерда маълум қилди.

Орландо полиция департаменти шефи отишмани мамлакат тарихидаги энг даҳшатли отишмалардан бири деб атади.

Бунгача Pulse клубидаги отишмада 50 киши ҳалок бўлгани, яна 50 киши яралангани маълум бўлганди. Клубга ҳужум қилган номаълум эркак ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари томонидан отишмада йўқ қилинган.

Манбанинг маълум қилишича, Орландодаги қотилликни амалга оширган шахс Омар Матин исмли АҚШ фуқароси бўлган. 29 ёшли эркак афғонистонлик муҳожирлар оиласида туғилган бўлган.

Федерал қидирувлар бюроси орландолик қотилнинг террорчилар билан боғлиқлиги эҳтимолини ўрганмоқда, воқеа маҳаллий даражадаги террорчилик акти сифатида талқин қилинмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, босқинчи бир ўзи ҳаракат қилган ва ҳужумга яхши тайёргарлик кўрган, унинг ёнида яримавтоматик милтиқ ва яна битта қурол бўлган.

Воқеа сабабли Флоридада фавқулодда вазият эълон қилинди. Бундай тартибни штат губернатори Рик Скотт киритди.