«Ливерпуль» жамоаси аъзоси ҳисобланадиган Марио Балотелли шанба куни Италиянинг Брешиа вилоятидаги Лонато-дель-Гарда шаҳридаги тунги клублардан бирида муштлашув иштирокчисига айланган. Бу ҳақда Tribuna.uz хабар тарқатди.

Бу ҳодиса Coco Beach барида содир бўлган. Аввалига Балотелли бир гуруҳ ёшлар билан суратга тушган ва бинони тарк этишга чоғланиб, автобусга чиққан.

Худди шу вақтда номаълум сабабга кўра муштлашув келиб чиққан ва 33 ёшли эркак шифохонага ётқизилган. Унинг қўли автобусда чипталарни текшириш учун ўрнатилган қурилмага (валидатор) тушиб қолгани учун, 3та бармоғи ампутация қилинган.

Балотелли шу ҳодиса юзасидан полицияга чақирилган, гувоҳ сифатидами ёки жанжал иштирокчиси сифатидами, бунга аниқлик киритилмаган.

Якунланган мавсумни «Милан»да ижара асосида ўтказган 25 ёшли футболчи 2 июль куни «Ливерпуль»нинг мавсумолди йиғинларига қўшилади.