D гуруҳида биринчи учрашув якунланди. Тулузадаги «Мунисипал» стадионида кечган Испания ва Чехия ўртасидаги учрашувда испанияликларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси қайд этилди.

Биринчи бўлим давомида “қизил фурия” футболчилари катта ташаббусга эга бўлишди. Мората, Нолито ва Иньеста бир қанча хавфли вазиятларни вужудга келтиришди. Бироқ баъзи вазиятларда футболчиларга аниқлик етишмади. Бошқа ҳолатларда дарвозабон Чех жуда яхши ҳаракат қилди. Ўз навбатида Чехия қарши ҳужумларда омадини синаб кўрди. Бироқ испаниялик ҳимоячилар яхши ҳаракат қилиб, рақибга имконият беришмади.

Иккинчи бўлимда ҳам вазият ўзгармади. Испания бор кучини ҳужумга, чехияликлар эса ҳимояга ташлади. Ўйин дуранг ҳисоб билан якунланиш арафасида турганида, Испания барибир ўз ниятига етди.

87-дақиқада Иньеста чап қанотдан тўпни ажойиб тарзда жарима майдонига йўллаганида, ҳимоячилардан илдамроқ ҳаракат қилган Жерар Пике боши билан яқин масофадан зарба йўллаб, дарвозани ишғол этди.

Чехия сўнгги дақиқада мағлубиятдан қутилиб қолиши мумкин эди. Бироқ Лафата жарима майдони ичидан кучли зарба йўллаганида, бутун ўйин давомида ишсиз турган Де Хеа маҳорат билан тўпни қайтариб, жамоадошлари жонига ора кирди.

Испания – Чехия 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: Пике (87)
Испания – Де Хеа, Пике, Альба, Хуанфран, Рамос, Иньеста, Бускетс, Сильва, Фабрегас (Алькантара, 70), Нолито (Педро, 82), Мората (Адурис, 62).
Чехия – Чех, Губник, Сивок, Лимберски, Гебре Селасси (Шурал, 86), Росицки (Павелка, 88), Плашил, Крейчи, Дарида, Кадержабек, Нецид (Лафата, 75).
Огоҳлантириш: Лимберски (61).