Европа чемпионатининг тўртинчи кунги баҳслари доирасида D гуруҳи вакиллари Испания ва Чехия ўзаро баҳс юритишади. Тулуза шаҳрида Тошкент вақти билан соат 18:00да бошланадиган бу учрашувга польшалик Шимон Марчиняк бош ҳакам этиб тайинланган.

Испания жамоалари кейинги 3 йил давомида Европада "ҳукмронлик қилишмоқда". Барча кубоклар Испанияга йўл олмоқда. Лекин бу Испания терма жамоасига наф келтирмаяпти. Мавсумда ҳориган футболчилар турнирга етарли даражадаги жисмоний тайёргарлик билан етиб кела олишмаяпти. Қолаверса таркибдаги ҳужумчиларнинг ёши ўтиб бормоқда. Иньеста, Адурис ва Бруно Сориано 30дан ошган. Нолито 30 ёш арафасида. "Қизил фурия" таркибидаги асосий футболчилардан яна бири Сеск Фабрегас ҳам якунланган мавсумда "Челси"да ўта ёмон ўйин кўрсатди.

Чехлар бу учрашув арафасида фаворит саналмаётган бўлсада, улар саралаш босқичида ҳолландларни ортда қолдиришди. Жамоа кейинги вақтларда мунтазам равишда Европа чемпионатининг иштирокчиси ҳисобланади ва улар бу сафар ҳам гуруҳдан чиқиш учун кураш олиб боради. Павел Врба шогирдлари испанларга қарши ўйинда очко олишга ҳаракат қилишади.
Чехларнинг ҳимоясида тажрибали Сивок, Кадлец, Лимберски ва 24 ёшли Кадержабек ўрин олган. Ярим ҳимояда эса стоппер Павелки ва меҳнаткаш Дарида ҳаракатланади. Шунингдек, сардор Томаш Росицки ва "Спарта" юлдузи Ладислав Крейчи ўйин кўрсатади. Чап қанотда Гебре Селассие, ўнг қанотда Дочкал ёки Шурал ўйнаши мумкин. Ҳужумда Нецид.

Висенте Дель Боске, Испания терма жамоаси бош мураббийи:
- Бошланғич таркибда кимлар тушиши муҳим аҳамиятга эга. Масъулият катта. Чехлар таркибида истеъдодли футболчилар жамланган. Улар стандарт вазиятлардан самарали фойдалана олишади.
Ўйлайманки, футболчилар ўтган оғир мавсумдан кейин ҳам юқори спорт формасини сақлаб қолган.

Павел Врба, Чехия терма жамоаси бош мураббийи:
Муваффақиятга эришиш учун биз тўғри ҳаракатланишимиз керак. Ахир бизни турнир фаворитларидан бирига қарши ўйин кутмоқда. Уларнинг ҳар бир чизиғида дунё даражасидаги футболчилар тўп суради. Олдинда бизни қийин синов кутмоқда. Лекин мен ўйлайманки, биз уларни ҳайрон қолдира оламиз.
Биз Томаш Росицкининг майдонда эркин ҳаракатланишига қўйиб берамиз. У ижодкор футболчи.
Дисквалификацияси бор Марек Сухидан бошқа барча футболчилар ўйинга тушишга тайёр.

Манба: Tribuna.UZ