Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 23-24 июнь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига ташриф буюради. Бу ҳақида РИА "Новости"га Нью-Делидаги дипломатик манба хабар берган. 

"Биз бош вазир Модининг саммитда қатнашишини тасдиқловчи расмий маълумот олдик", - дея маълум қилди агентлик манбаси. 

Саммитда Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга қўшилишига доир мажбуриятлар меморандуми имзоланиши кутилмоқда. 

ШҲТга Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Беларусь, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон кузатувчи мақомига эга. 2015 йилнинг июлида ШҲТда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш тартиби бошланган.