«Ливерпуль»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Йон-Арне Риисе футболчилик фаолиятини якунлади. Бу ҳақда Tribuna.uz хабар берди.

«Мен фаолиятимни якунлашга қарор қилдим. Кейинги мавсум охиридамас, бу мавсум охирида ҳам эмас, мавсум ўртасида. Биз «Олесунн» раҳбарияти билан шу бўйича келишувга эришдик.

Футболда энг муҳими ундан завқ олиш. Футбол ўйнаш хурсандчилик бахш этиши, машғулотларни чин дилдан ўташинг муҳимдир.

Кейинги вақтларда мен бундай завқни ҳис қилмай қўйдим. Менга футбол ўйнаш ҳалиям ёқади, аммо мен энди керакли ҳисларни туймай қўйдим. Аввалига 40 ёшимгача Норвегияда ўйнамоқчи эдим, лекин бунинг иложи бўлмайди. Мен шундай ҳам футболда 20 йил яшадим», – дея ёзган Риисе ўз расмий сайтида.

Риисе «Ливерпуль»даги ўйинлари орқали танилган. Айни вақтда 35 ёшда бўлган бу норвегиялик футболчининг охирги жамоаси «Олесунн» бўлди, у айнан шу жамоа тарбияланувчиси ҳисобланади. Риисе шунингдек, «Монако», «Фулҳэм», «Рома», АПОЭЛ ва «Дели Динамос» жамоалари сафида ҳам ўйнади.