КХДР марказий нашри "Нодон Синмун" газетаси Вашингтон - Сеул - Токио ҳарбий ҳамкорлигининг хавфли моҳиятига эътибор қаратган. Нашрнинг уқдиришича, АҚШ, Жанубий Корея ва Япония Осиё-Тинч океани минтақасида хавфсизлик бўйича Сингапурда бўлиб ўтган халқаро конференцияда "расмий Пхеньянга нисбатан жазо чораларини кучайтиришга оид қўшма баёнот билан чиқишган. Бундан ташқари, улар "Шимол" таҳдидига қарши қўшма машғулотлар ўтказишга келишиб олишган. 

"Нодон синмун"нинг ёзишича, АҚШ "КХДРга ҳарбий ва сиёсий босим ўтказиш учун Жанубий Корея ва Япониядан фойдаланишга уринмоқда. Шу билан у Шимолий Корея ҳудудига бостириб кирмоқчи". Бундан ташқари, газетада Жанубий Корея ҳукуматининг Япония билан ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиши кескин танқид қилинган. 

Жорий йилда, расмий Сеул КХДР ядросизланиш томон қадам ташласагина, ҳарбий даражада мулоқотни бошлаш мумкин, деган важ билан шимолнинг музокаралар ўтказиш таклифини бир неча маротаба рад этган.