Малайзия ҳукумати мамлакатдаги биринчи ва ягона "ислом" авиаташувчи - Rayani Air'нинг лицензиясини қайтиб олди. Фуқаролик авиацияси бошқармаси ва миллий авиация комиссияси ҳамкорликда олиб борган тергов натижаларидан келиб чиқиб, шундай қарор қабул қилишди.

Авиаташувчига парвозларни асоссиз бекор қилиш, бу ҳақида мижозларни огоҳлантирмаслик, шунингдек кўрилган зарарларни қоплашдан бош тортиш айбловлари қўйилди.

"Маъмурий бошқарма томонидан ўтказилган аудитдан сўнг, шунингдек хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни ўрганиб чиқиб ҳамда компанияга вазиятни тўғирлаш учун берилган бир неча имкониятларни ҳисобга олиб, шундай қарор чиқарилди", - дейилади тақдим этилган маълумотда.

Компания чиқарилган қарор устидан шикоят қилмоқчи эканлигини маълум қилди. 

Rayani Air ўтган йилдан бошлаб ички йўналишлар бўйича парвозларни амалга ошира бошлаган. Авиакомпания шариат қонунларидан келиб чиқиб хизмат кўрсатади, унинг йўловчилари орасида мусулмон бўлмаган шахслар ҳам бор. Унга қадар дунёда бундай хизматларни тақдим этувчи Royal Brunei Airlines, Saudi Arabian Airlines ва Iran Air компаниялари фаолият кўрсатишган.