АҚШ президенти Барак Обама 50 кишининг ҳаётини олиб кетган Орландодаги отишмани "теракт ва нафрат акти" деб атади.

"Бу теракт, нафрат акти бўлган", деб айтди Обама махсус мурожаатида. У ФҚБ жиноятни айнан теракт сифатида тергов қилаётганини таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга президент ҳуқуқ-тартибот муассасаларига жиноятчининг бу жиноятни содир этишга ундаган аниқ мотивлар номаълумлигини тан олди. "Биз қотилнинг аниқ мотивларини ҳали билмаймиз. Шуниси аниққи, бу нафрат билан тўлиб-тошган одам бўлган", деб қўшимча қилди Обама.

Обама жиноятчининг террорчилик гуруҳлари билан алоқаси борлигини текширишга кўрсатма берганини маълум қилди. "Биз бу қандай ва нима учун содир бўлганини аниқлаймиз", деб ваъда берди Обама.

Орландодаги оммавий қотиллик Pulse тунги клубида содир бўлди. Ҳужум қилган Омар Матин клубга ташриф буюрганларга ўқ уза бошлаган ва одамларни гаровга олган. Ҳуқуқ-тартибот муассасаларидаги манбанинг маълумотларига кўра, жиноятчи автоматик милтиқ ва тўппонча билан қуролланган бўлган.

Воқеа жойига ФҚБ, полиция, махсус хизматлар ходимлари ва сапёрлар етиб келган. Жиноятчи полиция билан 3 соат давом этган отишмадан кейин йўқ қилинган. Воқеа оқибатида 50 киши ҳалок бўлган, 53 киши яраланган. Полициячилар 30 кишини гаровдан қутқаришга муваффақ бўлган.

CNN телеканали ҳуқуқ-тартибот муассасаларидаги манбаларига таянган ҳолда жиноятчи полицияга қўнғироқ қилиб, ИШИД билан алоқаси борлигини айтганини маълум қилди. Бундан ташқари, Матин ака-ука Царнаевлар Бостон марафонида содир этган терактни ҳам эслаб ўтган.