Ойлар шоҳи Моҳи Рамазон сабаб дилларимиз ҳаловатдан, кўнгилларимиз хотиржамлик ва шукроналик туйғуларидан сув ичмоқда. Бу ҳам бўлса, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликнинг меваси. Зеро, юрти тинч,сарҳадлари дахлсиз мамлакатда одамлар эмин-эркин ибодат қилади, ўз руҳий эхтиёжларини қондиради. Шукрки, юртимизнинг барча масжидларида таровиҳ намозлари, Рўзаи Рамазон ибодатлари эмин-эркин адо этилмоқда. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

   Шу жумладан, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги Шайх Зайниддин жоме масжиди жамоаси бу йилги Рамазон ойи ибодатларини ҳар йилгидан кўра кўтаринкилик ва юксак иштиёқ ила ўтказмоқда. Одилхон қори Юнусхон ўғли бошчилигидаги масжидда ибодатга келганлар учун барча шарт-шароитлар яратилишига катта эътибор берилмоқда. Ибодат амалларининг тинч ва осойишта ўтишига масъул бўлган турли ташкилотлар вакиллари билан баҳамжитликда иш олиб бормоқдалар.     Энг муҳими, бундан юртдошларимиз хурсанд. Ана шундай қутлуғ, фалак дарвозаси очиқ бўладиган улуғ дамларда юртга тинчлик-фаровонлик, дастурхонларга тўкинлик, қут-барака сўраб, дуолар қилишмоқда.